Президент «Ангрен» ЭИЗга ташриф буюрди

Фото: ЎзА.

Шавкат Мирзиёев «Ангрен» ЭИЗда конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Ангрен шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар қилди ЎзА. Давлат раҳбари «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Лойиҳага кўра йилига 100 минг погон метр конвейер лентаси, 200 мингта қишлоқ хўжалиги техникаси шинаси, 3 миллион дона автомобиль шинаси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу товарларни мамлакатимизда ишлаб чиқариш импорт ўрнини тўлдириш, валюта маблағларини тежаш, шу билан бирга, экспортдан фойда топиш имконини беради.

Завод ишга тушгач 1 минг 200 га яқин киши иш билан таъминланади. Ёшлар замонавий технологияларни эгаллаб, малакали кадр бўлиб шаклланади. Ҳозиргача 68 мутахассис Хитойда малака ошириб қайтди.

Давлат раҳбари корхона учун мутахассисларни аниқ, манзилли асосда тайёрлаш, хомашёни маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Хитойнинг «Поли текноложи» компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, янги имкониятларни кашф этиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни чуқурлаштириш бўйича «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти билан 10 йиллик стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда заводда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Режага кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь куни корхонада биринчи шина ишлаб чиқарилади.

Шу ерда қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электр техникаси ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиаҳаларни амалга ошириш, Тошкент вилоятидаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Президент бу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигига эътибор қаратди, хомашёси ва бозорини суриштирди. Корхоналарнинг оёққа туриб олишига кўмаклашиш, энергия сарфини камайтириш орқали маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, одамларни иш билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Президент хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди.

Шу ерда «Ангрен» эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан намуналар намойиш этилди.