Ҳиндистон ва Покистон ШҲТ аъзолигига қабул қилинди

Фото: president.kg

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Остона саммитида Ҳиндистон ва Покистонга ташкилотга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари жума куни Остонада Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёнини тугатиш ва уларга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисидаги қарорни имзолади.

ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун Ҳиндистон ва Покистон мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум 2016 йил июнда ШҲТнинг Тошкент саммитида имзоланган эди.

Саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомига эга бўлиши кўп режали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун буткул янги имкониятларни тақдим этишини таъкидлаб ўтди.

ШҲТ раҳбарлари ШҲТнинг экстремизга қарши кураш бўйича Конвенциясини имзолаб, Халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш тўғрисидаги баёнотни қабул қилди.

ШҲТга аъзо давлатлар Кенгаши йиғилиши доирасида 2017−2018 йилларда туризм соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлиги дастурини амалга ошириш бўйича Ҳамкорликдаги ҳаракатлар режаси ҳамда ШҲТ Котибияти ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ўртасида ўзаро тушуниш тўғрисидаги Меморандум ҳам имзоланди.