Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоев билан учрашди

Фото: president.kg

Ўзбекистон Президенти Остонада ШҲТ саммити доирасида Қирғизистон Президенти билан учрашув ўтказди.

 

ШҲТнинг Остона саммити доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашди, деб хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти билан бу галги учрашуви икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик алоқаларни кенгайтиришда муҳим босқич бўлиши, Самарқанддаги учрашувда эришилган келишувларни мазмунан бойитишини таъкидлади.

Алмазбек Атамбоев ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий қардошлик муносабатлари, урф-одат ва анъаналари ўхшашлиги ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Кейинги пайтларда икки давлат ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар алмашинуви амалга оширилмоқда. Мамлакатлар жамоатчилиги вакилларининг Андижон ва Ўш шаҳарларига ўзаро ташрифи бўлиб ўтди.

Президентлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қатор муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.